Мактаб янгиликлари · Xalqaro hamkorlik

Вашингтонда AIEA глобал таълим конференсиясида Ўзбекистон ташаббуслари юқори эътироф этилди

18.02.2026 1110

📰📰📰📰📰📰📰

Вашингтонда AIEA глобал таълим конференсиясида Ўзбекистон ташаббуслари юқори эътироф этилди

АҚШнинг Вашингтон шаҳрида 2026 йил 16–19 феврал кунлари Халқаро таълим маъмурлари уюшмасининг (AIEA) нуфузли йиллик конференсияси ўз ишини бошлади. Мазкур конференсия тарихан таълимни байналмилаллаштириш йўналишида глобал академик кун тартибини шакллантирувчи асосий стратеглар ва етакчиларни бирлаштирувчи дунёдаги етакчи платформалардан бири ҳисобланади.

Тантанали очилиш маросимида AIEA Президенти, фан доктори ҳамда Гарвард университети битирувчиси Пауло Загало-Мело дастурий нутқ билан иштирок этди. У ўз нутқида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб, инновацион таълим экотизимларини шакллантиришда AIEA платформасининг муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.

Нутқ давомида Ўзбекистон Республикасига алоҳида эътибор қаратилди. Пауло Загало-Мело мамлакатда таълим тизимини трансформация қилишга қаратилган стратегик ташаббусларни ҳамда унинг жаҳон академик ҳамжамиятига фаол интеграциялашувини очиқ қўллаб-қувватлади. Шунингдек, у Ўзбекистон таълим муассасаларининг халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Мазкур юқори даражадаги эътироф Ўзбекистонда таълим соҳасини модернизация қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда илғор хорижий тажрибаларни жалб қилиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун муҳим имкониятлар яратади.