Мактаб янгиликлари · Bitiruvchilar

Қатар Давлати пойтахти Доҳа шаҳрига қилган сафаримиз доирасида WISE 12 глобал саммитида иштирок этдик.

26.11.2025 831

Қатар Давлати пойтахти Доҳа шаҳрига қилган сафаримиз доирасида WISE 12 глобал саммитида иштирок этдик.

Ушбу нуфузли анжуманда Қатар давлатининг олий мартабали меҳмонлари, халқаро ташкилотлар ва ҳукумат вакиллари, қатор мамлакатларнинг таълим вазирлари, элчихоналар раҳбарлари қатнашди.

Саммит доирасида иштирокчилар билан биргаликда таълим тизимига инновацияларни жорий этиш, инклюзив таълимни ривожлантириш, тенглик ва имкониятлар масалалари муҳокама этилди.

⏰ Доҳа шаҳрида ташкил этилган WISE-12 саммити доирасида бир қатор самарали икки томонлама учрашувлар ўтказдик.

🔹 Хусусан, Қатар Давлати Таълим вазири Лолва бинт Рашид бин Мохаммед Ал Хатер билан учрашиб, хусусий секторни таълимга жалб этиш, ҳамкорликда халқаро мактаб қуриш масалаларини кўриб чиқдик.

Сўнгра “Едуcатион Абове Алл” жамғармаси бош директори Муҳаммад Саад Ал Кубайсий, Покистон Федерал таълим ва профессионал ривожланиш бўйича давлат вазири Важиҳа Кумар, Қатар тараққиёт жамғармаси раҳбарияти Фаҳад Ҳамад Ал Сулайтилар билан суҳбатлашиб, инклюзив таълимни кенгайтириш, хусусий сектор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилувчи лойиҳалар юзасидан фикр алмашдик.

Музокаралар чоғида таълим соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш, экология ва иқлим бўйича таълим ташаббусларини илгари суриш, халқаро алмашинув дастурларини ривожлантириш бўйича аниқ ташаббуслар юзасидан келишиб олдик.

📊 Қатардаги учрашувлар доирасида Қатар жамғармаси қошидаги Пре-Университй Эдуcатион раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказдик.

Ушбу мулоқотда ўқувчилар ўртасида алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, мактаб битирувчиларини дунёнинг етакчи университетларига тайёрлаш тизими, юқори натижа берувчи таълим моделларини ўрганиш ва ушбу тажрибани Ўзбекистон таълим тизимига босқичма-босқич жорий этиш масалалари муҳокама этилди.

🌐 Сафар доирасида Доҳа шаҳрида жойлашган мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб, таълим жараёнлари, замонавий ўқитиш усуллари, ўқувчилар учун яратилган шароитлар, рақамли технологиялар жорий этилган ўқув муҳити билан яқиндан танишдик.

➖ Бу каби тажрибалар биз учун жуда муҳим, чунки мамлакатимизда Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалардан бири — ҳар бир болага замонавий, сифатли ва инклюзив таълимни тақдим этишдир.

🔰 WISE 12 глобал саммити доирасида «Ҳамма нарса таълимдан бошланади: Имкониятга эришиш йўллари» мавзусидаги пленар сессиясида ҳам иштирок этдик.

Ушбу сафар чоғида ўрнатилган алоқалар ва келишиб олинган қатор янги ташаббуслар орқали Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими тизимини такомиллаштириш, ўқитувчилар малакасини ошириш, болаларга муносиб таълим ва тарбия бериш йўлидаги ишларимизни янада жадаллаштириш ниятидамиз.

Эъзоза Каримова