Мактаб янгиликлари · Tadbirlar

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” университети биносининг…

30.12.2025 862

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” университети биносининг қурилишини кўздан кечирди.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини илмий асосда ривожлантириш, инновация ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу жараён, аввало, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган малакали кадрлар тайёрлаш билан узвий боғлиқ.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 23-июндаги қарорига мувофиқ “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилган.

Университетнинг Янги Тошкентда барпо этилаётган бинолари мажмуасининг дастлабки қиймати 200 миллион доллар бўлиб, 50 гектар майдонни қамраб олади.
Лойиҳа Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирексияси буюртмаси асосида туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Қурилиш ишлари “Öзгüвен” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Университет биноларини 2027-йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Мажмуа таркибида 10 минг талабага мўлжалланган 5 та факултет, ректорат, минг ўриндан ортиқ жойга эга кутубхона, музей, кўргазмалар зали, мултимедиа хоналари барпо этилади. Шунингдек, талабалар учун минг ўринли спорт мажмуаси ва сузиш ҳавзаси, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга мўлжалланган 2 минг ўринли ётоқхоналар ҳамда ошхоналар қурилади.

Айни пайтда қурилиш ишлари уч босқичда олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг асосий параметрлари, таълим жараёни учун яратиладиган инфратузилма ва шароитларга алоҳида эътибор қаратди. Ёшларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришда бундай замонавий таълим даргоҳларининг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

– Ушбу университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, таълим дастурлари бошқа олий ўқув юртлари учун андоза бўлиши керак,– деди давлатимиз раҳбари.

Бошқа олий ўқув юртларини ҳам шу тарзда таъмирлаш, жиҳозлаш, таълимга илғор технологияларни жалб этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

@ҳилола_умарова