Мактаб янгиликлари · Bitiruvchilar

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шакирова Қорақалпоғистон…

01.04.2026 663

✅ Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шакирова Қорақалпоғистон Республикасидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўрганиш ташрифи билан бўлди.

Ташрифдан асосий мақсад — таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш, мавжуд муаммоларни жойида аниқлаш ҳамда ривожланиш йўналишларини белгилашдан иборат.

🟢Ташриф давомида қуйидаги йўналишлар таҳлил қилинди:

— моддий-техник база ва жиҳозлар ҳолати;
— ўқув жараёни сифати, жумладан халқаро стандартлар (Кембриж) асосида таълимни ташкил этиш;
— ўқувчилар учун яратилган шароитлар (ётоқхона, овқатланиш, тўгараклар);
— педагог кадрларнинг малакаси ва касбий ривожланиш имкониятлари.

Шундан сўнг ҳудуддаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаб директорлари билан 2026–2027-ўқув йилида таълим сифатини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларнинг уч чорак якунлари муҳокама қилинди.

Аниқланган муаммолар юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Қўшимча вақт талаб этиладиган масалалар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши белгиланди.

Ўзлаштириш кўрсаткичлари пасайган ўқувчилар билан индивидуал ишлаш, уларнинг билимларидаги бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда якуний давлат имтиҳонларига пухта тайёргарлик кўриш бўйича тегишли вазифалар юклатилди.

🟢Шунингдек, қуйидаги йўналишларда ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди:

— касбий ривожланиш кунларини самарали ташкил этиш;
— иқтидорли ўқувчиларни қабул имтиҳонларига кенг жалб этиш бўйича тарғибот тадбирларини кучайтириш;
— битирувчиларни олий таълим муассасаларига йўналтириш;
— дарс ва лаборатория машғулотлари сифатини ошириш.

Мазкур ташриф таълим тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, ҳар бир ўқувчига сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Агентлик ҳудудлардаги мактаблар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда муаммоларни тизимли ҳал этиш ишларини давом эттиради.