Мактаб янгиликлари · Bizning faxrimiz
Хитой ва Ўзбекистон ҳамкор мактаблари: таълимда янги давр бошланди
📰📰📰📰📰📰📰
🇺🇿🇨🇳 Хитой ва Ўзбекистон ҳамкор мактаблари: таълимда янги давр бошланди
Бутунжаҳон рақамли таълим конференсияси доирасида “Хитой ва Ўзбекистон ҳамкор мактаблари” дастурини ривожлантириш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шакирова ва Хитой Халқаро таълим алмашинувлари ассоциацияси (CEAIE) бош котиби Ян Сзюн имзоладилар.
🤝 Меморандум таълим соҳасида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат мактаблари ўртасида сунъий интеллект (СИ) технологиялари каби асосий йўналишларда ўзаро алмашинувни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Дастурнинг расмий бошланиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 14 та Президент мактаби ва Хитойнинг 12 та етакчи мактаби ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши билан бошланди.
Шунингдек, дастур доирасида умумтаълим мактаблари ва Хитой мактаблари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган. Бу икки давлат таълим тизимларини янада яқинлаштиради ва ўқувчилар ҳамда педагоглар учун янги имкониятларни яратади.
Меморандум доирасида томонлар қуйидаги ташаббусларни амалга оширишга келишиб олдилар:
✅ Ҳамкор мактаблар сунъий интеллект соҳасини биргаликда ўрганади, СИ бўйича ўқув дастурлари ва материалларини ишлаб чиқади, шунингдек, STEM, табиий фанлар ва тилларни ўқитиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиради.
✅ СИ ўқитувчилари учун махсус тренинглар, малака ошириш ва алмашинув дастурлари ташкил этилади. Соҳа экспертлари ва олимлари маърузалар ўқиш ҳамда илғор амалий тажриба алмашиш учун жалб қилинади.
✅ Томонлар сунъий интеллект соҳасида ўқувчиларнинг қўшма амалий лойиҳаларини рағбатлантиради. Математика, физика ва кимё фанлари бўйича мунтазам олимпиадалар ва танловлар, шунингдек, қўшма ёзги илмий оромгоҳлар ташкил этилади.
✅ Таълим муассасалари раҳбарлари ўзаро мулоқот қилиш мақсадида махсус платформага эга бўладилар; бу платформа орқали қўшма семинарлар ташкил этиш, директорлар ўртасида тажриба алмашиш ва жаҳон тамойилларини муҳокама қилиш имконияти мавжуд бўлади.
Хитой ва Ўзбекистон ҳамкор мактаблари тармоғининг яратилиши глобал дунёқарашга, инновацион фикрлашга ва фанлараро вазифаларни самарали ҳал этиш қобилиятига эга бўлган келажак истеъдодларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратади.