Мактаб янгиликлари · Bizning faxrimiz
Кеча мамлакатимизда муҳим сиёсий воқелик – Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва Халқимизга…
Кеча мамлакатимизда муҳим сиёсий воқелик – Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва Халқимизга Мурожаатномаси бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таълим соҳасига алоҳида урғу берганликлари барчамизни қувонтирди. Мурожаатномадаги таълимга оид рақам, ютуқлар ва келгусидаги вазифаларни эслатиб ўцам:
– Ўқувчи ва талабаларимиз жорий йилда халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш, 126 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз билим ва салоҳиятини бутун дунёга намойиш қилди.
– 2026-йилда юртимизда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида нуфузли халқаро кимё ва информатика олимпиадалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникум ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиада ўтказилади.
– Мактаб кутубхоналари ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиётлар билан таъминлаб борилади.
– Келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказ, 2 та супер компютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади.
– 2026-йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади.
– Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади.
– 2026-йилда 7 та вилоятда, 2027-йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади.
– Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа техникумлар учун методик ва амалиёт базаси сифатида фаолият юрица, “Касблар шаҳарчаси” мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, “яшил” энергетика каби соҳалардаги замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади.
– “Дуал таълим” асосида ўқитишни самарали ташкил қилган корхоналарга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Тадбиркорлик рейтингида қўшимча 5 балл берилади. Корхоналар ишга олган техникум ўқувчиси учун 1 фоизли ижтимоий солиқ имтиёзи яна уч йилга узайтирилади.
– 2026-йилдан бошлаб техникумларда “дуал таълим” асосида таълим олаётган 100 минг ўқувчига илк бор стипендия тўланади. “Аъло” баҳоларга ўқиётган, танлаган касбини пухта эгаллаётган ўқувчиларга эса оширилган миқдордаги стипендиялар берилади.
– Жиззах политехника институтини Венгриянинг нуфузли “Обуда” университети бошқарувига беришга қарор қилинди. Ўзбекистонда “Сукуба” миллий университети билан ҳамкорликда аниқ фанлар бўйича янги олийгоҳ ташкил қилиш ҳақида келишиб олинди. Бу тажриба давом эттирилиб, аниқ фанлар ва техника йўналишидаги олийгоҳларимизга дунёнинг энг нуфузли университетлари жалб қилинади.
– Яна бир масала – меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадрлар кириб келмоқда. Энди олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида “кўприк” бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратилади. Унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар “онлайн” тарзда кўриниб туради. Ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконини беради.
“Менинг ниятим – ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатдош бўлсин, керак бўлса, бошқалардан бир поғона устун турсин. Ушбу мақсадга эришиш йўлида касбий таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқамиз”,
– деди Президентимиз.
@ҳилола_умарова