Мактаб янгиликлари · Tadbirlar

Ҳурматли устозлар, азиз ўқувчилар!

02.09.2025 684

Ҳурматли устозлар, азиз ўқувчилар!

Сизларни барчангизни халқимиз ҳаётида ўзига хос байрамга айланган — “Билимлар куни” билан чин дилдан табриклайман.

Сўнгги йилларда мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида таълим соҳасига тубдан янгича руҳ ва мазмун кириб келмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар, аввало, ёш авлодимизни Ватанга садоқатли, билимли ва юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, уларнинг иқтидорини ривожлантириш ва нурли келажагимиз учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилмоқда.

Янги Ўзбекистон ғоясининг юрагида ҳам, аввало, замон талабига жавоб берадиган, сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш масаласи алоҳида ўрин тутади. Чунки илм-маърифат тараққиёт ва юксалишнинг асосий гаровидир.

Бугун таълим масканларининг остонасидан илк бор кириб келаётган қарийб 740 минг нафар болажонларимизнинг кўзларидаги порлоқ умид ва улуғ орзулар нафақат уларнинг ота-оналари, яқинлари, балки барча устоз ва мураббийларимизнинг қалбида ҳам мухрланиб қолади. Чунки билим олишга қадам қўйган ҳар бир фарзандимиз — бу юртимизнинг эртанги куни, бизнинг энг катта суянчимиз ва ишончимиздир.

Азиз ўқувчилар!

Сизларга яна бир бор бугунги кун муборак бўлсин дейман. Илм ва маърифат даргоҳида катта зафарлар қозонишингизни, билим чўққиларини қулоч очиб забт этишингизни тилайман.

Эъзоза Каримова,
Мактабгача ва мактаб таълими вазири