Мактаб янгиликлари · Bizning faxrimiz

Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим!

07.03.2026 590

🇺🇿 Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим!

💐 Сизларни, бутун Ўзбекистон аёлларини 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб майдонга чиқаётган 22 миллионлик ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз.

Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Азиз опа-сингиллар!

💐 Биз юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш, муаммоларини ҳал қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратдик. Барча қонун, фармон ва қарорларни қабул қилишда гендер масаласи бўйича ҳуқуқий механизмлар жорий этилди.

Энди хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири баҳоланмай туриб бирорта қонун қабул қилинмайди.

Яратилган кенг имконият ва шароитлар ҳисобига 230 мингга яқин тадбиркор аёллар синфи шаклланди, миришкор фермер аёлларимиз 12 минг нафарга етди, илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшаётган олималаримиз 6 минг нафардан ошди.

Ўтган йили дунё ареналарида шижоатли қизларимиз 167 та олтин, 193 та кумуш, 243 та бронза медалини қўлга киритгани таҳсинга сазовордир.

Хотин-қизларимиз ҳаётидаги ана шундай катта ўзгаришлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади; “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди; Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” ҳисоботида эса ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 48-ўринга чиқди.

Фурсатдан фойдаланиб, турли соҳалардаги меҳнати, истеъдоди ва ақл-заковати билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган аёлларимизга, халқаро майдонларда Ватанимизни дунёга тараннум этаётган қизларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорлик билдираман.

💬 Батафсил пресидент.узда о'қишингиз мумкин