Мактаб янгиликлари · Sport

2026-2027-ўқув йилида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга…

30.04.2026 541

📚 2026-2027-ўқув йилида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича савол-жавоблар

🔴 САВОЛ: ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ АГЕНТЛИГИ ТИЗИМИДАГИ МАКТАБЛАРДА ТАЪЛИМ ҚАЙСИ ТИЛЛАРДА ОЛИБ БОРИЛАДИ?

✅ ЖАВОБ: Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда таълим ўзбек, қорақалпоқ, инглиз ва рус тилларида олиб борилади.

Жумладан:

⏺ Президент мактабларида таълим жараёни STEM (математика, физика, кимё, компютер таълими, биология, табиий фанлар, замонавий ёндашув) фанларидан инглиз тилида, умумтаълим фанлари (она тили, тарих, тарбия, география, санъат, жисмоний тарбия, мусиқа, маданият, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик) ўзбек тилида;
⏺ ижод мактабларида таълим ўзбек (Ибрайим Юсупов номидаги ижод мактабида қорақалпоқ, Исъҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабида ўзбек ва инглиз) тилларида;
⏺ спорт мактабларида:
⏺ Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактабида ўзбек тилида;
⏺ Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабида рус тилида;
⏺ ихтисослаштирилган мактабларда ўзбек (Қорақалпоғистон Республикасидаги ихтисослаштирилган мактабларда ўзбек ва қорақалпоқ) тилларида;
⏺ Тошкент шаҳридаги таянч ихтисослаштирилган мактабларда:
⏺ Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ўзбек тилида;
⏺ Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабларда ўзбек ва рус тилларида;
⏺ Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатида IB фан гуруҳига кирувчи фанлар (инглиз тили, халқаро сиёсат, бизнес менежмент, иқтисодиёт, кимё, биология, физика, компютер таълими, математика) инглиз тилида, умумтаълим фанлари (Ўзбекистон тарихи, тарбия, жисмоний тарбия, ўзбек тили ва адабиёти) ўзбек тилида ўқитилади.